Адвокат фонограммадан фойдаланмайди
Суд — саҳна эмас. Қонун эса сценарий эмас! Ҳимоя — ёдланган матн эмас!
Адвокат фонограммадан фойдаланмайди...
Кеча адвокатлик ёрдамини сўраб бир тадбиркор ташриф буюриб, "Сизлар қурилиш-пудрат соҳасида катта тажрибага эга экансизлар, мени ҳам айнан қурилиш соҳасида бир ишим бор. Буюртмачи 3,5 млрд сўм пулимни 2 йилдан бери бермай келмоқда. Тажрибангиз бор, сиз учун қийин эмас, тайёр шаблонларингиз бор ва судда нима дейишингизни шеърдай ўргангансизку, ортиқча ўрганиш қилмайсиз. Шунга, арзонроқ нархда судда иштирок этиб беринг" дея қолди.
Одамларга ҳам ҳайрон бўласан, киши. "Мини диск"им йўқолган ва "Аппаратурам" синган деб жавоб бердим. Адвокат қўшиқчи эмаски, фонограммадан фойдаланса.
Ҳимоя позициясини тайёрлашда ва судда ҳимоя ҳуқуқи учун курашишда - фонограммадан фойдаланиб бўлмайди. Ҳар бир ҳолатни, ҳар бир далилни қонун билан солиштириб ўрганиб чиқади. Айнан Сиз "оддий қоғозку" деган "чанг босган" ҳужжатларингизни 10 маротабалаб ўқиб чиқади. Далил қидиради. Адвокат саҳнага чиқмайди. Унинг вазифаси томошабинни ҳайратда қолдириш эмас, инсоннинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш.Аммо бугун баъзилар адвокатдан ҳам фонограмма кутмоқда: баландпарвоз гаплар, сохта ваъдалар, ижтимоий тармоқлардаги чиройли чиқишлар...
Лекин суд — саҳна эмас. Қонун эса сценарий эмас! Ҳимоя — ёдланган матн эмас!
Адвокатнинг кучи овозининг баландлигида эмас — далилида. Унинг обрўси обуначилари сонида эмас — билими, ҳалоллиги ва касбий позициясида. Унинг маҳорати ваъда беришида эмас — қонун доирасида энг тўғри ҳимоя йўлини топишида.
Ҳақиқий адвокат сизга «100 фоиз ютиб бераман» деб кафолат сотмайди. У ишнинг ҳолатини таҳлил қилади, хавфларни тушунтиради, далиллар билан ишлайди ва ҳуқуқларингиз учун курашади.
Ёдда тутинг: чиройли гап ҳар доим ҳам кучли ҳимоя дегани эмас. Баъзан энг таъсирли ҳимоя — биргина тўғри савол, биргина асосли эътироз ёки ўз вақтида келтирилган битта далилдир.
Адвокатда фонограмма бўлмайди. Унда билим, виждон, далил ва қонун бўлиши керак!
Сиз нима деб ўйлайсиз: адвокатнинг ҳақиқий кучини нима белгилайди — нотиқликми ёки профессионал билим ва далилларми?
Ишингиз мураккаб бўлса — адвокат билан гаплашинг
Ўз ҳолатингизни мутахассисга кўрсатиш, хатоларнинг олдини олишга ёрдам беради. Ҳудудингиздаги адвокатни танланг.
Ўз ҳолатингизга мос жавоб олинг
Ҳар бир ажрашиш ҳолати ўзига хос. Юқоридаги маълумотлар умумий — лекин сизнинг ҳужжатларингиз ва ҳолатингизни кўриб чиқиш керак.