Бошқа

Киберфирибгарлик кирдикорлари ҳақида аччиқ сўз

Киберфирибгарлик кирдикорлари ҳақида аччиқ сўзИш бўйича бир аёл жуда кўп миқдордаги пулини олдириб қўйганлиги сабабли юридик ёрдам сўраб мурожаат қилди. У 18 йил мусофирчиликда, оғир меҳнатда юриб, кексалик кунлари учун жамғарма йиққан. Пенсия арафасида шу омонатнинг фоизидан кун кечириб турган инсон бўлган. Бир неча кун ичида ҳамма нарсасидан айрилган, 480 миллион сўмдан ортиқ пули ва тилла тақинчоқлари фирибгарлар қўлига ўтган.Аввало бу қандай содир бўлганини қисқача тушунтирсак, чунки "ўзи айбдор, ишониб қўйибди-да" дейдиганлар кўп. Йўқ. Бу ерда содда одамни кўчада алдаш эмас, олдиндан тайёрланган, профессионал операция бўлган десак муболаға бўлмайди.Биринчи босқич — маълумот. Фирибгарлар аёлга биринчи қўнғироқдаёқ унинг исм-шарифини, туғилган санасини, қайси банкда ҳисоби борлигини, ҳатто картаси қандай ҳолатда туришини аниқ билган ҳолда гаплашган. Бу маълумотлар қаердан? Жабрланувчи уларни ҳеч кимга берган эмас. Демак, унинг шахсий ва банк маълумотлари аллақачон кимларнингдир қўлида сизиб чиққан базалар, қора бозорлар орқали бўлган. Ҳужум маълумот билан қуролланган ҳолда бошланган.Иккинчи босқич — психологик қамал. Телеграм орқали алоқага сохта "Марказий банк ходими", сохта "ИИВ офицери" бўлиб уланган. Расмий кийимда, видеоалоқада, "МВД Узбекистан" деб номланган, ҳатто тасдиқ белгиси сотиб олинган аккаунтлар билан алоқага чиққан. Тўқиб чиқарилган "ВМнинг 530-сонли қарор" билан қўрқитиб "бировга айтсангиз жиноий жавобгарлик кутяпти сизни"дейишган. Аёл бир неча кун улар билан узлуксиз алоқани ушлаган. Яқинларидан ва ҳақиқий ҳуқуқ органларидан атайлаб узиб қўйилган. Телефонига "вирусдан тозалаш" баҳонасида жосус дастур (АПК) ўрнатилган, шундан сўнг улар қурилмадаги ҳамма нарсани кўриб турган.Учинчи босқич — талон-торож. Ҳеч қандай "дроп-карта" йўқ. Аёл "ҳамкорлик қилсангиз ҳаммаси қайтади" деган ваъда билан банкка бориб пулини нақд қилиб, тиллаларини "грамини рўйхатга олиш" учун кўрсатилган заргарлик дўконига топширган ва ниҳоят кечаси, "ички инкассация" деган уйдирма тартиб билан, кўрсатилган хилват жойга нақд пулни ўз қўли билан ташлаб келган. Фирибгар пулга ҳатто карта орқали тегинмаган ҳам. Ҳамма из жабрланувчининг ўз ҳаракатлари амалга оширилган.Мана шу — замонавий киберфирибгарлик. Хакерлик, ижтимоий муҳандислик ва психологик террор биргаликда ишлайдиган индустрия.Энг оғриқли жойи эса давлатнинг жавоби.Энди эса аслида пост ёзишга мажбур қилган нарса. Жабрланувчи аризани олиб борганда, уни қабул қилган масъуллардан эшитгани нима бўлган, биласизми? "Пулингиз аллақачон чегара ортига чиқиб кетган, булар украиналик хакерлар, топиб бўлмайди".Тўхтанг. Ҳали терговга қадар текширув, тергов бошланмади. Ҳали бирорта сўров юборилмади, бирорта операция изи текширилмади, бирорта аккаунт сўралмади, лекин хулоса тайёр: "топиб бўлмайди". Бу текширув ё тергов эмас, бу олдиндан ёзилган таъзиянома - таслим бўлиш ахир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган фуқарога биринчи учрашувдаёқ умидсизлик беряпти. Ва бу ерда даҳшатли парадокс бор: масъул ходим жиноятчиларнинг кимлиги ва қаердалигини "билади" (украиналик хакерлар, чет элда), лекин шу "билими" асосида битта ҳам излаш чорасини кўрмайди. Агар билсанг нега ҳаракат йўқ? Агар билмасанг нега фуқарога қатъий хулосани айтасан? Иккала ҳолатда ҳам ходим фуқарога умидсизлик бермаслиги шарт. Жабрланувчи аёл олий тоифали врач, биз врачмиз, агар касал ўладиган бўлса ҳам унга умид берамиз, уни баттар тушкунликка тушмасин деб юпатиб қўямиз, буларнинг қилган иши нима ўзи?, деб йиғлаб умидсизликка тушди.Ҳа, эҳтимол пул ҳақиқатан ҳам тезда легаллаштирилиб, чет ҳудудга чиқарилгандир. Лекин жиноятнинг бутун занжири шу ерда, Ўзбекистонда из қолдирган: пул олиб кетилган жой ва вақти, у ердаги ҳаракатланган автомобил, тилла топширилган заргарлик дўкони (у аниқ манзилли, аниқ эгали савдо нуқтаси!), фойдаланилган телефон рақамлари ва уларнинг регистрацияси, АПК-дастур ва унинг серверлари, тасдиқ белгиси сотиб олинган сохта аккаунтлар. Буларнинг ҳаммасини излаб кўрса бўладику. Уларни топмаслик "имконият йўқлиги" эмас, хоҳиш йўқлиги.Дунё нима қиляпти? Биз нега қараб турибмиз?Диссертация ёзиш пайти легаллаштиришнинг замонавий шакли кибержиноятлар билан боғлиқ бўлганлиги учун бироз ўргангандик. Кибержиноятга қарши курашда дунёда етакчи АҚШ ва бу бежиз эмас. ФБРнинг IC3 маркази ҳар йили миллионлаб мурожаатни ягона базага йиғиб, тарқоқ аризалардан жиноий тармоқларнинг харитасини ясайди, айнан биздаги "ҳар ким ўз аризаси билан" ёндашувининг тескариси. Махсус хизматлар криптовалюта ва пул оқимларини блокчейн-таҳлил орқали қитъалар оша кузатади, актив музлатиш ва қайтариш механизмлари ишлайди, чет ҳудуддаги жиноятчиларга нисбатан сиртдан айблов эълон қилиниб, халқаро қидирув ва экстрадиция ишга тушади. "Жиноятчи чет элда" деган гап улар учун ишнинг тугаши эмас, бошланиши (Ўзбекистонлик хакер АҚШ банкидан катта миқдордаги млн доллар ўзлаштирганлиги ҳолатида 9 ой кутиб, Дубайдан 1.5 млн долларга квартира олганда унинг 21 ёшли бола эканлигини аниқлаб, сўров юбориб жиноятчини ушлаб кетган)."АҚШнинг имконияти ўта юқори, биз ундай қила олмаймиз" дейишингиз мумкин. Майли. Унда бизга ресурслари ва шароити анча яқин бўлган Туркия тажрибасига қарайлик. Туркия сўнгги ўн йилликда ҳар бир вилоятда киберхавфсизлик бўйича махсус полиция бўлинмаларини тузди, миллий кибер ҳодисаларга жавоб маркази (USOM) орқали банклар, операторлар ва ҳуқуқ органларини ягона тезкор занжирга улади: шубҳали ўтказма ва рақамлар соатлар ичида блокланади, сохта сайт ва аккаунтлар тезкор ёпилади. Энг муҳими Туркия суд амалиёти банкларга нисбатан қатъий позиция эгаллаган: мижоз маълумоти сизган ёки банк шубҳали операцияни тўхтатмаган ҳолатларда зарарни банк қоплайди деган ёндашув қарор топди. Натижада банклар хавфсизликка сармояни "харажат" эмас, "зарурат" деб кўра бошлади. Бу космик технология эмас, бу ташкилий ирода масаласи. Туркия қила олган ишни биз қила олмаймиз, дейишга бирорта важ йўқ.

Ҳозирги шароитда нима қилсак бўлади?Биринчи. Марказий банк тижорат банкларининг ахборот хавфсизлиги тизимларини мажбурий, мустақил ва мунтазам аудитдан ўтказиши шарт. Балки қоғозда бундай текширувлар бордир, лекин фирибгар мижоз ҳақида банк операторидан кўп биладиган мамлакатда бу аудитнинг баҳоси ўз-ўзидан кўриниб турибди. Талабга жавоб бермаган банкка фаолиятига таъсир қиладиган миқдорда жарима солиниши, такрорий ҳолатда лицензия масаласи кўрилиши керак. Маълумот сизиши банк учун "репутация ноқулайлиги" эмас, молиявий фалокат бўлсин.Иккинчи. Фуқаролар маълумотининг оммавий сизиши алоҳида ариза кутиб ўтирадиган масала эмас. Бош Прокуратура бу бўйича ўз ташаббуси билан текширув бошлаши, сизишга йўл қўйган ташкилотлар ва мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиши лозим. Банк ҳимоя тизимлари кимлар томонидан, қандай шартларда қурилгани, уларга ташқи (жумладан чет эллик) ижрочиларнинг кириш даражаси қандай бўлгани, булар ҳам айнан шу текширувнинг предмети бўлиши керак. Бозорда юрган "тизимни қурганлар кейин калитини ҳам сотган" деган гаплар ё расмий раддия, ё расмий хулоса билан жавоб топиши керак. Акс ҳолда жимлик ҳаромхўр-фирибгарга хизмат қилади.Учинчи. Банк ва давлат ахборот тизимларининг ҳимояси устидан якуний назорат миллий мутахассисларда бўлиши лозим. Чет эл ечимидан фойдаланиш мумкин, лекин архитектура, код аудити ва эксплуатация калитлари ташқи назоратсиз қўлларда қолмаслиги керак. Бу IT-масала эмас, суверенитет масаласи.Тўртинчи. АҚШдаги IC3 андозасида ягона миллий кибержиноят реестри тузилиши керак. Ҳар бир ариза алоҳида отказ бўлиб чиримасин, ягона базада схемалар, рақамлар, ҳисоблар, аккаунтлар бўйича боғланиб, тармоқ сифатида ўрганилиши керак (агар шунақа система қилинса аризалар умумий таҳлил қилинса "почерк" кўринади, кейин одамларига чиқса бўлади). Туркия андозасида банклар, мобил операторлар ва ҳуқуқ органларини реал вақтда боғлайдиган антифрод-платформа ишга туширилсин, шубҳали ўтказмани эртага эмас, шу дақиқада тўхтатадиган тизим бўлиши керак (балки бордир, бу тарафлари бизга қоронғу бўлганлиги учун билмаймиз).Бешинчи. "Пулингиз чет элга чиқиб кетган" деб фуқарони эшикдан қайтариш амалиётига чек қўйилиши лозим. Излаш чоралари кўрилмаган ҳар бир иш бўйича масъул ходимнинг хизмат текшируви ўтказилиши керак. ЖПКнинг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳам асослантирилсин, битта тушунтириш хати олиб, битта банкка запрос бериб рад қилиб ташлаш иш эмас.Олтинчи. Мижоз маълумоти банк томонидан ҳимояланмагани оқибатида фирибгарлик содир бўлган ҳолатларда зарарнинг камида бир қисмини банк қоплаши тўғрисидаги норма қонунчиликка киритилиши керак. Дунё амалиёти шу йўлда. Токи банк учун мижознинг хавфсизлиги мижознинг шахсий муаммоси бўлиб қолар экан, ҳеч нарса ўзгармайди.P/S. 18 йиллик меҳнати бир ҳафтада куйган аёлнинг кўз ёши олдида "топиб бўлмайди" дейиш бу ожизлик эмас, бу таслим бўлиш. Давлат фуқаросининг мулкини ҳимоя қила олмаса, бу унинг асосий вазифаларини бажара олмаяпти дегани. Ҳимоя қилишни хоҳламаса, ундан ҳам ёмон.Кибержиноятчилар аллақачон XXI асрда ишлаяпти: маълумот базалари, жосус дастурлар, трансчегаравий инфратузилма. Бизнинг жавобимиз эса ҳамон XX аср услубида: ариза, материал, "кутинг", "топилмади". Бу масофа қисқармас экан, ҳар куни яна кимдир умр жамғармасини хилват жойга элтиб қўяверади.Марказий банкдан, Бош прокуратурадан, ИИВдан жамоатчилик олдида жавоб кутамиз: маълумотлар қаердан сизяпти? Банклар аудитдан ўтяптими ва натижаси қани? Ушбу иш бўйича қандай излаш чоралари кўрилди?

Yurist_rakursi — Ҳуқуқни амалиёт билан боғлаймиз

Ҳудудингизда

Ишингиз мураккаб бўлса — адвокат билан гаплашинг

Ўз ҳолатингизни мутахассисга кўрсатиш, хатоларнинг олдини олишга ёрдам беради. Ҳудудингиздаги адвокатни танланг.

Кейинги қадам

Ўз ҳолатингизга мос жавоб олинг

Ҳар бир ажрашиш ҳолати ўзига хос. Юқоридаги маълумотлар умумий — лекин сизнинг ҳужжатларингиз ва ҳолатингизни кўриб чиқиш керак.

Адвокат ўзи сизга қўнғироқ қилсин

Телефон рақамингизни қолдиринг — ҳудудингиздаги ажрим бўйича адвокат тез орада сиз билан боғланиб, ҳолатингизни сўрайди.

Аризани қолдириш Бепул

Ёзма маслаҳат олинг

Саволингизни батафсил ёзинг, тўловни Payme ёки Click орқали амалга оширинг — тажрибали адвокатдан ёзма жавоб олинг.

Саволни жўнатиш 50 000 сўмдан
Эслатма. Бу мақола умумий маълумот учун тайёрланган ва ҳуқуқий маслаҳат ўрнини боса олмайди. Аниқ ҳолатингиз учун ваколатли адвокатга мурожаат қилишингизни тавсия этамиз. Қонунчилик ўзгариши мумкин — ҳужжатлар тайёрлашдан олдин адвокатдан амалдаги тартиб ҳақида сўранг.